·Экологик муаммоларнинг вужудга келтирувчи манбалар. ·Чучук сув муаммоси. · Атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбалар. · Ер ресурслари ва уларнинг экологик муаммолари. ·Ўзбекистон органик дунёсини муҳофаза қилиш муаммолари. · Маъданлардан фойдаланиш оқибатида вужудга келган экологик муаммолар. · Аҳоли саломатлиги ва экология. · Экологик муаммолар ечимининг асосий йўналишлари.
Ўзбекистонда аҳолининг хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлган кўплаб экологик муаммолар таркиб топган. Уларнинг функционал ҳолатини илмий кенг миқёсида чуқур таҳлил қилиш билан табиий муҳитни экологик мувозанатни барқарорлаштиш имкониятлари аниқланади, номатлуб ҳодисаларнинг тараққий қилиш йўлларини олдини олиш механизмларини ишлаб чиқади.
1960 йиллардан эътиборан табиий ресурслардан экстенсив характерда кенг миқёсда фойдаланишнинг кучайиши, сув ва ҳаво ҳавзаларининг ифлосланиши, бойликларни қашшоқланиб бориши, яйловларнинг бузулиш йўналишига ўтиши ва бошқа салбий ходисалар Ўзбекистонда кўплаб экологик муаммоларни таркиб топишига таъсир кўрсатади. Аввалига экологик муаммолар айрим ресурслар (компонентлар) билан боғлиқ ҳолда ривожланган бўлса, 80-йиллар бошлаб ҳудудий муаммоларга айлана борди. Экологик муаммоларни таркиб топтирувчи ва характерга келтирувчи асосий омиллар ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқнинг деградациялашуви, ўсимликларнинг маҳсулдорлигини кескин даражада камайиб бориши, эрозия, шўрланиш эол қум шаклларини вужудга келиши ва бошқа ҳисобланади. Энг муҳими аҳоли орасида турли касалликларни тарқалиши, ёш гўдакларнинг ўлим коэффицентини ортиб бориши, умуман аҳоли орасида ўлим миқдорнинг ортиши экологик вазиятнинг танглигини жиддийлаштиради.
Қишлоқ жойларда ичимлик суви, саноат шаҳарлари ва уларнинг атрофида атмосфера ҳавоси ҳамда сув ҳавзаларини ифлосланиши экологик вазиятнинг кескинлашувига кучли таъсир кўрсатади. Дарё сувларининг сифатини бузилиши суғорма ерларда тупроқда туз тўпланиши, кимёвий ашёлар, оғир металлар, органик маҳсулотларнинг йиғилишига олиб келади. Бинобарин суғорилган ерларнинг мелиоратив холати жиддийлашади, тупроқдаги кимёвий ашёлар экинларга ўтиб уларнинг маҳсулотларини заҳарлайди. Чорва молларининг соғлигига путур етказади. Буларнинг барчаси экологик вазиятларни кескинлаштиради, ўз навбатида маълум йўналишда соҳа ёки мажмуали муаммо таркиб топади ва шаклланиш босқичига ўтади.
Экологик муаммоларни вужудга келиши ҳудуднинг табиий шароити, ресурслардан фойдаланиш характери, ландшафтларнинг структурали-динамик ҳолати, барқарорлиги, табиий-антропоген ҳодисаларнинг ривожланиш имкониятлари ва уларни олдини олиш тадбирларини мавжудлиги каби жараёнлар билан бевосита боғлиқ. Бу борада ресурслардан фойдаланишни бошқариш муҳим амалий аҳамиятга эга, табиатдан фойдаланишнинг илмий тамойиллари ишлаб чиқаришга қанчалик тўғри тадбиқ этилган бўлса экологик мувозанат шунчалик мустаҳкам барқарор бўлади, нохуш ходисаларни таркиб топиш сабабларининг потенциал имкониятлари кучли даражада жиловланган бўлади. Дарвоқе, табиатдан фойдаланишни қанчалик омилкорлик билан бошқарилса, геотизимларда ички ва ташки зиддиятлар шунчалик чекланган хамда динамик харакатлар йўналиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Юқорида такидлангандек экологик муаммолар одатда бирор табиий ресурс ёки геотизим билан боғлиқ бўлади. Бир баъзан икки ёки уч турдаги ресурслар билан боғлиқ бўлган экологик муаммолар ҳам таркиб топди.
Ўзбекистонда қуйидаги устивор экологик муаммоларни мавжудлиги барчага маълум: 1) сув, 2) атмосфера ҳавоси, 3) ер, 4) ўсимлик, 5) ҳайвонот олами, 6) маъдан, 7) аҳоли соғлиги. Экологик муаммолар маълум маънода табиатни муҳофаза килиш муаммоларига жуда яқин туради, фарқ жуда кам. Шуни ҳисобга олиб уларни бир муаммо таркибида тадқиқот қилиш мақсадга мувофиқ. Қуйида экологик муаммоларни таснифлаш схемаси берилган.
Ҳудудий экологик муаммолар уларнинг миқёсига қараб турли катталикдаги майдонларни эгаллайди. Уларнинг барчаси ҳам устиворлиги билан ажралиб туради, лекин Орол ва Оролбўйи муаммоси энг устивор ва олий даражали амалий аҳамияти билан жаҳонга маълум.
Ўзбекистонда, шунингдек бутун Ўрта Осиё ва Қозогистоннинг текислик қисми учун сув муаммоси энг устиворлиги билан тавсифланади. Сув тақчиллиги кўплаб халқ хўжалигининг соҳаларини ривожлантиришни чеклайди, боз устига мавжуд сув ресурсларини ифлосланиб бораётганлиги муаммони янада кескинлашишига ва тангликни кучайишига таъсир этмоқда.
XX асрнинг 50-60 йилларида Ўрта Осиёда сув муаммоси амалда ҳали кун тартибида бўлмаган. 60-йилларнинг охиридан бу муаммо таркиб топа бошлади. 70-80 йилларда шаклланиб, бу жараён хам давом этмоқда. Муаммони таркиб топишга воҳалардан чиқаётган қайтган сувларни 31 куб км бир қисмини Амударё ва Сирдарё ҳавзаларига ташланиши билан боғлиқ. Бу ҳодиса дарё сувларининг ифлосланишига олиб келади. Коллектор-зовур сувлари (КЗС) таркибида сувда эрийдиган тузлар, минерал ўғитлар, пестицидлар, саноат, коммунал-маиший ва фермаларнинг оқава сувлари ҳамда бошқа тоифадаги органик, биоген, кимёвий тозаланмаган сувларни қўшилиши туфайли Амударё Термездан, Сирдарё Ўчқўрғондан бошлаб ичимлик сифатида фойдаланиш учун мутлақо яроқсиз. Боз устига сувнинг минералланиш даражасини меъёрдан 2-5 баравар ортиб келганлиги суғоришда фойдаланишни хам мураккаблаштирмоқда.
Дарвоқе, сув ресурсларини ифлосланиши нафақат суғорма деҳқончилик, шунингдек, аҳолининг ичимлик суви сифатида фойдаланишни, дарё ёқаларидаги тўқайзорлар дельталардаги яйлов, пичанзорлар ва бошқа тармоқларни вегетация фаолияти функцияси, инсон ҳаётини мураккаблаштирмоқда, турли хунук ҳодисаларни ривожланишга таъсир этмоқда. Бошқача айтганда, сув билан боғлиқ саноат ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришларида қурилиш, транспорт ва аҳоли соғлиги соҳаларида экологик вазиятларни танг аҳволга солишмоқда.
Сув муаммоси мураккаб, кўп қиррали, кенг миқёсдир. У бир қанча кичик ёки бир аспектли муаммолар мажмуасидан иборат (схемага қаранг). Уларнинг жами бир-бирларига билан узвий боғлиқ ва тақазо этади. Сув муаммосини ечимида уларни барчасига алоҳида аҳамият берилиши ва эътиборга олиниши даркор.
Тирик организм ҳаётида ҳавонинг мусаффолигига сувдан бошқа компонентларни солиштириб бўлмайди. Ҳаво қанчалик тоза ва беғубор бўлса инсон ҳаёти ҳам шунчалик соғломлиги ва мустаҳкамлиги билан тавсифланади. Саноат шахарлари ва йирик аҳоли пунктлари автотранспорт қатновининг гавжумлиги ҳавони ифлослантиради. Ишлаб чиқариш характерга қараб ҳавога кўп турдаги чиқиндилар чиқарилади. Масалан, республика шароитида чиқиндиларнинг тақсимланиши қуйидагича: углерод оксид 53%, олтингутурт ангидрити 15%, азот оксидлари 4%, углеводородлар 8%, қаттиқ моддалар 5%, юқори даражадаги заҳарли ўзига хос моддалар 15%. Кейинги вақтларда атмосферага чиқарилаётган чиқиндиларни миқдори 1985 йилдан эътиборан камайиб бориш йўналиншда бўлса 1996 йилда бу рақам 2,1 млн. т.гача камаяди. Бу жараён маълум тадбирларни амалга оширилиши билан боғлиқ. Умумий чиқиндилар мажмуасида автотранспорт улуши кўплиги билан ажралиб туради.
Саноат корхоналарида чиқадиган чиқиндиларнинг тарқалиши шамол ҳаракати тезлиги ва йўналишига боғлиқ. Тоғ олди ва тоғ водийларида чиқиндилар шамол таъсирида катта ҳудудларга ёйилади. Оҳангарон, Чирчиқ, Сурхондарё водийларида бу жараён яхши ифодаланган. Оҳангарон водийсида Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати, Оҳангарон цемент заводи, Нурбол, Ангрен ГРЭС чиқиндиларининг тарқалиш миқёси, айниқса катта ҳатто Чотқол биосфера қўриқхонасида хам оғир металлар чангларини учратиш мумкин. Комбинатнинг фаол таъсири 20-25 км гача яхши сезилади.
Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши билан «ишкорли» ёғин-сочин фаолияти, озон қатлимининг юпқалашиши, ўзгаришлар каби муаммоларни таркиб топиши аниқланган. Энг муҳими аҳоли соғлигига путур етиш жараёни интенсивлашмоқда. Турли оғир металлар ионлари одам организмига, чорва молларига ҳаво, сув, ўсимлик маҳсулотлари орқали ўтиб оғир касалликларни вужудга келтирмоқда. Бензапирен, кадмий, симоб, қўрғошин, олтингугирт, ваннадий оксиди ва бошқа моддалар киши учун оғир асорат қолдиради. Бинобарин, хавонинг чиқиндилар билан ифлосланишини олдини олиш учун маълум чора тадбирлар мажмуаси ниҳоятда зарур.
Инсоннинг хўжалик фаолияти аксарият ерда амалга ошади. Ер деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик негизи. Узоқ тарихий йиллардан бери инсонни ер боқиб келмоқда, кийинтирмоқда, соғлигини тикламоқда ва ҳакозо. Шунинг учуй хам ердан турлича фойдаланиш жараёнида турли муаммолар таркиб топмоқда. Уларни барчасини битта, яъни, Ер муаммоси деб аташ мумкин. Инсоният бугун цивилизация мобайнида 2,5-3,0 млдга ерни муомаладан чиқарди. (Ковда 1985). Ҳозир ҳам йилига ўртача 15 млн га ер муомаладан чиқиб бормоқда.
|
Из за большого объема этот материал размещен на нескольких страницах:
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 |


