Объектив текширувда беморнинг умумий холатини аниқлаш, тана ҳароратини, артериал босимни ўлчаш, аъзолар патологиясини умум қабул қилинган тизим бўйича аниқлаш керак. Соматик ўзгаришларнинг бирлиги (юрак – қон томир тизими касалликлари, нафас олиш ва бошқа аъзолар касалликлари) ва умумий статусда ўсма касалликларининг намоён бўлиши (кахексия, метастаз ва бошқалар.) касалликнинг клиник даво ҳажми ва кетма кетлигини аниқлашга имкон беради.
Юзни ва оғиз бўшлиғи аъзоларини кўрикдан ўтказишнинг оғиз ичи ва оғиз ташқи усуллари бор. Оғиз ташқи кўригида ва пальпацияда кўринарли ўзгаришлар хусусиятига, уларнинг локализациясига, юзнинг чегаралари ва шаклига, юз-жағ суякларига, зарарланиш хусусиятига – бирликда ёки кўпликда; зарарланиш кўринишига – шишганлик, ўсма, эрозия, яра, инфильтрат, шаклига – қўзиқоринсимон, кенг ёки тор асосда, кратерсимон, думалоқ, овал, тирқишсимон ва бошқалар; юза соҳа типига – силлиқ, бўртган, донадор, қонаётган, фиброз караш билан қопланган, пўстли (йирингли, қонли), мугузли массали (осон ёки қийин кўчирилувчи), ўзгармаган қопловчи тўқимали, шунингдек яра четларининг холати, эрозияларнинг мавжудлиги, рангининг ўзгариши (гиперемия, кўкариш, гипер ёки гипопигментация), чандиқларнинг борлиги, уларнинг шакли ва зичлиги, чайнов ва мимик мушаклар функциясининг бузилиши, экзофтальм.
Зарарланган тўқима ҳолатини пальпатор усул билан (тери, тери ости клетчаткаси, мушак, суяк, шиллиқ қобиқ, юз ва жағ суяклари) аъзоларнинг шакли ва чегараларини аниқлаш, шишнинг мавжудлиги ва локализацияси, шикастланган тўқима юзаси ҳолати (силлиқ, ғадир-будур), консистенцияси (юмшоқ, суякли, эластик), сезгининг бузилиши (оғриқ, музлаш, парэстезия), пульсация. Патологик жараённинг юқори жағда жойлашган ҳолатида бурун ойнаси ёрдамида риноскопия ўтказиб, бурун йўллари шиллиқ қавати ҳолатини баҳолаш керак. Ташқи эшитув йўлининг қулоқ ойнаси ёрдамида текшириш қулоқ олди чайнов, жағ орти ва сўрғичсимон соҳаларда патологик холат борлигида ўтказилади. Пальпатор усулда атрофидаги тери, кўринувчи шиллиқ қавати ҳолати, лабнинг қизил ҳошияси, регионар лимфатик тугунлар ҳолати - катталашуви, қаттиқлашуви, консистенцияси, ҳаракатчанлиги, оғриқни сезиш хусусиятлари аниқланади. Сўлак безларининг ҳам ҳолатини эътиборга олиш муҳим. Текширувда пальпациянинг оддий ва бимануал усулларини қўллаш, шунингдек соғ тўқима билан солиштириш керак ва сўлак безларини массаж қилиб, уларнинг сўлак ажратиш фаолияти аниқланади. Шунингдек, пальпация билан чакка-пастки жағ бўғими ҳолати, уни ён ва вертикал ҳаракатлардаги амплитудаси текширилади. Ўсма борлиги аниқланганда унинг бўғим бошчаси билан муносабатини, юзасининг ҳолатини (силлиқ, ғадир-будур), консистенцияси (суякли, юмшоқ тўқимали), шакли, ҳажми (сантиметрларда) аниқланади.
Оғиз ичи кўригида ва пальпацияда шпатель, пинцет, ойна, зонд ёрдамида оғиз бўшлиғи аъзолари кетма-кетликда текширилади: оғизнинг гигиеник ҳолати, тишлар нисбати, тишлар формуласи, оғиз даҳлизи – лаблар, лунжлар, ўтувчи бурмалар, жағларнинг альвеоляр ўсиқлари; хусусий оғиз бўшлиғи – туби, тил, ён деворлар ва муртаклар, тил ости сўлак бези, катта ва кичик сўлак безларининг чиқарув йўллари, юмшоқ ва қаттиқ танглай, сўнг тишларнинг қимирлаш даражаси, ўткир қирраларнинг мавжудлиги, тиш перкуссиясида – оғриқни сезиш, карахтлик, тиш катакчаларида бириктирувчи тўқиманинг ўсиши, катакчаларни зондлаганда уларнинг қонаши ва патологик милк чўнтаклари борлиги аниқланади. Оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватини кўрикдан ўтказганда асосан унинг рангига (гиперемия, кўкариш, лейкоплакияга хос доғлар, гиперпигментация), намлигига, қимирлаш даражаси (чандиқлар, уларнинг шакли), шикастланиш ўчоқларининг мавжудлигига – бирликда, кўпликда; ўсма кўринишида эрозия, яра инфильтратлар борлигига, шаклига (қўзиқоринсимон, кратерсимон, думалоқ, овал, кенг ёки тор асосли), ўлчами (сантиметрларда), юзасига, консистенциясига аҳамият бериш лозим. Қаттиқ танглайдаги бурмалар холати ва юмшоқ танглайнинг ҳаракатланиш даражаси аниқланади. Шикоятлар, анамнез, объектив кўрик натижаларидан хулоса қилиб клиник ташҳис қўйилади. Ўсма аниқланганда унинг локализацияси ва нозологик формаси кўрсатилади. Зарурият бўлганда қўшимча текширув усуллари ўтказилади.
Махсус текширув усуллари:
А. электроодонтодиагностика (ЭОД) жағларда патологик жараён аниқланганда қўлланилади ва жараённинг тарқалиш даражасини аниқлаш имконини беради.
Б. Рентгенодиагностика:
а) юз скелетининг рентгенографияси
б) томография – шикастланган суякнинг чуқурлигини ва қаватли структурасини аниқлаш учун қўлланилади.
в) контраст рентгенография – контраст моддалар юборилади (йодолипол, барий, кардиотраст, ангиотраст ва бошқалар), улар юқори жағ синусига юборилади (гайморография), кистоз бўшлиқларга (цисто-графия), сўлак безларига (сиалография), томирларга (ангиография) – жараённинг тарқалиш даражасини аниқлаштириш учун, чегараларини аниқлаш мақсадида ишлатилади.
г) рентгеноскопия (графия) – кўкрак қафасида соматик ва онкологик (гематоген метасазлар) жараёнлар борлигини аниқлаш учун қўлланилади.
В. Морфологик текширувлар – клиник ташҳисини тасдиқлаш ва аниқлаштириш учун қўлланилади.
1) Цитологик текширув – материалнинг ҳужайравий таркиби ўрганилади
2) Патологик текширув. Очиқ хирургик биопсия йўли билан ўсма соҳасини лимон бўлаги каби кесилади. Тўқима патологоанатом томондан текширилади. Морфологик текширув натижалари қуйидаги муддатларда берилади:
а) шошилинч биопсияларда – 20-25 дақиқа ичида
б) диагностик биопсияларда ва операцион материалларда – 4-5 кун ичида.
Амбулатор шароитда кесиб олинган хавфсиз ўсмалар (папиллома), фиброма, атерома, шиллиқ (ретенцион) киста, одонтоген кисталар албатта морфологик текширувдан ўтказилиши керак.
Эндоскопик усул бўшлиқли органларда ўсмалар жойлашган холатларда қўлланилади (юқори жағ, бурун бушлиқлари).
Лаборатор текширувларга қон, сийдикларни текшириш киради. Беморни операция олди текшируви шу маълумотларга асосланган холда олиб борилади.
Қонни текшириш ўз ичига қуйидагиларни олади:
· умумий клиник анамнез;
· қон гурухларини аниқлаш
· геморрагик синдром (қон ивиши, қон оқиш вақти ва давомийлиги, тромбоцитлар сони, коагулограмма)
· Вассерман реакцияси, гепатит В ва С ни текшириш
· Биокимёвий анализ: оқсил, қолдиқ азот, Зимницкий синамаси ўтказилади, ҳамда суткалик сийдик йиғилади (кальций, фосфор, Бенс-Джонс оқсили борлигига текширилади). Беморни текширишни кетма-кет мақсадга йўналтирилган текширув методикаси, касалликни бошланишида ва онкологик касалликларни диагностикасида яхши натижа беради.
Бутун жахон онкологик илмий текшириш маркази (БОИТМ) маълумотларига кўра, хавфли ўсмалар оғиз бўшлиғи органлари ва оғиз халқумдаги ўсмалар, муваффақиятли текширилса ҳам 70% холатларда ўсмалар III ва IV клиник босқичларда учрайди. Бу шуни кўрсатадики, беморлар нафақат кеч мурожат қилади, балки шифокорларни онкологик хушёрлигини яхши йўлга қўйилмаганлигидан дарак беради.
Цитологик усул билан текшириш усули диагностик, клиник, профилактик жиҳатдан замонавий онкологияда катта ўрин тутади.
Умумий симптомокомплексга ўсма ҳужайраларини шакли ва ўлчамини турлича бўлиши ўсма полиморфизми, бу ўсма ҳужайраларини моддалар алмашинуви юқори даражада бўлишига боғлиқ бўлади ва натижада ядрони шакли ва катталиги ўзгаради, ядро-цитоплазматик аълоқадорлик бузилади, хроматин кўриниши ўзгаради, митотик активлик кучайиб, митозни патологик кўриниши пайдо бўлади, ҳужайранинг бўялиш хусусияти ўзгаради, кимёвий анаплазия бўлади.
Хавфлиликни цитологик белгиларига кўпроқ ҳужайрани ўлчамини катталаниши, айниқса, ядрони, ядро хроматинини дағал донали структурага эга бўлиб қолиши, ядрочаларни сонини кўпайиши, ядроли ёки ҳужайрали полиморфизми билан характерланади. Суртма анализи юқоридаги ҳолатларга мос холда олиб борилса, хавфли ёки хавфсиз ўсмалар борлиги хақида хулоса бўлади.
Цитологик диагностикани эндоскопик ва аспирацион турлари фарқланади.
Бу усул осон, информацияга бой, у нафақат ташҳис қўйиш, балки даволашни қандай даражада кечаётганлигини текшириб туришга ҳам ёрдам беради.
Эхографик ёки ультратовуш биолокацияси ўсмаларни ҳар хил босқичда ультратовушларни тўқималарнинг ютилишига ва акс этишига, акустик қаршилик қилишига асосланади.
Клиник амалиётга ультратовушларни киритилиши катта аҳамиятга эга бўлиб, орган ва тизимиларни нафақат визуализацияси, балки ундаги структур элементлар кўриш имкониятини беради, метод инвазив эмас, бемор ва текширувчига зарарли эмас ва беморни махсус тайёргарлик талаб қилмайди. Ўсмаларни эхолокацияси янги пайдо бўлаётган ўсмаларни локализацияси бошқа органлар билан аълоқасини, ўсмани ўлчами ва структураси, капсуласи бор ёки йўқлиги ёки ўсиш агрессивлиги, ўсма тугунларини жойлашиши аниқлаш имкониятини беради.
Компьютер томографияси - турли қатламдаги тўқималарни бир вақтни ўзида аниқ таъсуротга эга бўлишга имконият беради (суяк, мушак, суюқликлар ва бошқалар).
|
Из за большого объема этот материал размещен на нескольких страницах:
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 42 43 44 |


